14 май 2024, сешанба

Кириш

Маънавиятсиз-келажак йўқ!

               АМАЛИЙ СЕМИНАР МУЛОҚОТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ Нишон туманидаги 1-ИДУМда барча мактабларнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосарлари, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари иштирокида амалий семинар ташкил этилди. Нишон туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат Маркази туман бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда асосан илм масканларида ёшларнинг таълим-тарбияси, одоб-ахлоқ, кийиниш маданияти масалалари хусусида сўз юритилди. Амалий семинар тарзидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг туман бош мутахассиси Гулзода Якубова, туман ҳокимининг маънавий маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Орзигул Абдурахмоновалар сўзга чиқиб, ёшлар таълим-тарбияси шу куннинг долзарб вазифаси эканлиги, иш юритиш ҳужжатлари ҳамда ташқи рекламаларда ўзбек тили қоидаларига амал қилиш лозимлиги ҳақида гапирдилар.            Республика Маънавият ва маърифат Маркази туман бўлинмаси раҳбари Хўжамқул Давронов мактабларда фаолият юритаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг ўтган даврда амалга оширган ишларига баҳо берар экан, ҳали бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар кўлами кенглиги, ижодкор ўқувчилар билан аниқ дастурлар асосида иш юритиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

              Шу билан бирга 1-, 11-, 31-, 39-, 27-, 28-мактабларнинг ижодий-маданий масалалари бўйича тарғиботчиларининг фаолиятига ижобий баҳо берилди. Бир қатор мактабларда фаолият кўрсатаётган ижодий-маданий масалалари бўйича тағиботчилар ҳали бу борада амалий ишлар кўламини кенгайтиришлари, ўтказилаётган тадбирларни тарғиб қилишда фаолроқ бўлишлари таъкидланди. - Иш, натижа, самара ва рағбат-бу бизга асосий мотивация беради. Фойдали иш коэффициенти. Ишни ҳамма талаб қилади. Лекин талаб, тартиб, холис баҳо ва рағбат мени жуда мамнун этди. Беш ой қисқа вақт ичида фаолиятимизни "Ташаккурнома" билан тақдирлашларидан айтаманки, бу эътиборга эътирофли иш билан жавоб қайтараман,-деди 27- мактабнинг ижодий-маданий масалалари бўйича тарғиботчиси Дилсўз Бўтаева. - Амалий семинар доирасида 1-ИДУМдаги маънавий-маърифий ишлар билан яқиндан танишдик. Бу эса биз ижодкорларнинг келгуси фаолиятимиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

             Тадбир доирасида бир гурух ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларга Республика Маънавият ва маърифат Маркази туман бўлинмасининг "Ташаккурнома"си ҳамда "Маънавият тарғиботчиси таълим муассасаси"нинг 15 нафар тингловчиларига Маънавий-маърифий йўналиш бўйича 32 соатлик ўқувни тугаллаганлик ҳақида"ги "Сертификат"лари топширилди. Савол-жавоблар асосида ўтказилган тадбир иштирокчилари 1-ИДУМ (ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим макатаби)да амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар билан танишдилар.

             Амалий семинарда Нишон туман ҳокимининг ўринбосари Собир Худойқулов иштирок этиб, маънавиятчиларнинг олдида турган долзарб вазифалар ҳақида гапирди.

 

 

Материал тайёрланди: 
ШАВКАТ СУЛТОНОВ.