19 май 2024, якшанба

Кириш

ҲАРБИЙ ҚИСМДАГИ ГЎЗАЛЛИК

Кўчат-юрт чиройи "Яшил макон" бу дўстлар, Юртбошимнинг даъвати. Кўчат экмоқ азалдан, Кекса-ю-ёш ҳиммати... Мамлакатимиз бўйлаб "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган ташаббус бугун барча кекса-ю-ёшни юртимизни боғу-роғларга айлантиришга чорламоқда. Бу хайрли ташаббусга ҳарбий хизматчилар ҳам қўшилмоқдалар. "Нуристон" Гарнизони 08579-ҳарбий қисмда бўлган бир гурух нуронийлар бунинг яққол гувоҳи бўлдилар. Аввало шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳарбий қисм ҳовлисига кириб борар экансиз, ўзингизни гўё "боғи-эрам"да ҳис этасиз. Куз фасли бўлишига қарамай, барқ уриб очилиб турган турли манзарали гуллар ҳар қандай киши эътиборини тортади. Айни пайтда бу ерда 20 турдан ортиқ турли кузги гуллар очилиб, атрофни гўзалликка буркаганлигини сўз билан ифодалаш қийин. -Биргина 2020 йилнинг баҳорида 13 минг туп турли мевали ва манзарали дерахт кўчатлари ўтқазилган бўлса, шу йилнинг баҳорида 6500 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дархтлар экилди,-дейди ҳарбий қисм командири, подполковник Равшан Пардаев.-Юртбошимизнинг бошлаган ташаббусларига қўшилган шахсий таркибимиз ҳарбийлари зарбдор 40 кунликда фаол қатнашаяптилар. Мақсадимиз-юртимиз ободлигига ҳисса қўшиш. Ҳарбий қисмда бўлган Нишон туман нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Хўжақул Махсумов, Толимаржон шаҳар "Тинчлик" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари, меҳнат фахрийси Усмонқул Примовлар бу ерда ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ҳарбийларга деҳқончилик соҳасидаги тажрибаларини сўзлаб бердилар. Бўш турган ерларга иссиқхоналар қурилиб, қишин-ёзин бу ердан маҳсулотлар олинаётир.

Бугунги кунда каттагина майдонда иссиқхоналар қурилиб, улардан ҳосил олинмоқда. -Мен Самарқанд вилоятининг Қўшробод туманиданман,-дейди ҳарбий хизматчи Камолиддин Шокиров.-Ҳарбий хизматга чақирилгунимга қадар уйда иссиқхона қуриб, оиламиз дастурхонига каттагина даромад келтирганмиз. Бу тажрибам ҳарбий хизматда ҳам асқотди. Айни пайтда 20 сотихлик иссиқхонада турли резаворлар, кўкатлар парваришлаяпман. Ҳозирги кунда бодринг палакларини парваришлаяпмиз. Нуронийлар иссиқхонамизни кўздан кечиришганларида палакларда хашоротларга қарши зудлик билан ишлов бериш кераклигини айтишди. Улардан каттагина тажриба олдик. Аббос Норқулов, Элёр Кесимов, Фаррух Мусурмонов сингари дўстларим билан кўчат экиш ишларида фаол иштирок этяпмиз. Яқин икки йил ичида ҳарбий қисмда қисм командирининг бевосита ташаббуси билан каттагина боғ яратилди. Бу хайрли ишларга бизларнинг ҳам ҳиссамиз борлигидан фахрланамиз. Дарҳақиқат, бундан икки-уч йил муқаддам янтоқ босиб ётган бўш турган майдон бугун чаманзорга айланмоқда. Нуронийлар ўтган йилнинг баҳорида экилган олма дарахтларнинг бугунги ҳолати билан танишар эканлар, бу борада ўзларининг қимматли маслаҳатларини бердилар ҳамда манзарали дарахт кўчатлари экишда фаол қатнашдилар. Ҳарбий қисмда бўлган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлигининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича Бош Бошқарма бошлиғи, полковник Ҳасан Халилов нуронийлар билан учрашув чоғида нуронийларнинг ҳарбий хизматчилар билан ўтказаётган амалий мулоқотлари учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси билан ҳарбийларнинг ўзаро ҳамкорлиги Ватан сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбий хизматчиларга куч-қувват бағишлашини, бундан кейин ҳам ҳамкорликдаги ишлар бардавом бўлишлигини алоҳида таъкидлади. Бу эса ҳарбий хизматчиларни янги марралар сари илҳомлантириши табиий. "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳарбийлар ижросида Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ижро этилди. Ҳарбий қисмда ўтказилган бир кун марқли кечди.

Материал тайёрланди: 
ШАВКАТ СУЛТОНОВ.