24 октябрь 2021, якшанба

Кириш

КЕКСАЛАР ҲАФТАЛИГИ"ГА БАҒИШЛАНДИ

            Нуроний-кексалар ҳаёт зийнати. Катта тажрибага эга бўлган фахрийлар тарихнинг тирик гувоҳлари. Давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган ғамхўрликлари натижасида уларнинг умрлари узайиб, ижтимоий ҳаётнинг фаол аъзосига айланишяпти. Бу бор ҳақиқат. Бу ҳақда жуда кўп ва хўп гапириш мумкин.

                Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Қарши шаҳридаги "Нуронийлар маскани"да "Кексалар ҳафталиги" доирасида “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси асосида “Дийдор ширин” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирга вилоят миқёсида маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда турли йилларда самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган нуроний-кексалар таклиф этилдилар. Улар орасида "Ўзбекистон Қаҳрамони" Муҳаббат Шаропова, Марям Гелдиева, Шодиоё Мансурова, Дилором Ҳасанова, Гулчеҳра Бобожонова, Озод Пармонов, Эсонбой Ражабов, Асрор Усмонов, Абдуқаххор Ахмедов, Содиқ Исломов, Абдуали Сафаров сингари катта ҳаётий тажрибага эга бўлган меҳнат фахрийларини учратиш мумкин.

 

                Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев фахрийлар билан учрашиб, "Кексалар ҳафталиги"ни юқори савияда ўтказиш, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган фахрийларни вилоятдаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар билан учрашиб, "Очиқ дарс"лар ўтказиш орқали ёшларга ўз ҳаётий тажрибаларини ўргатишлари, ҳаёт сабоқлари ҳақида тушунтиришлари лозимлигини таъкидлади. Учрашувдан сўнг вилоят ҳокими нуронийлар ҳамроҳлигида "Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари учун "Қарши" санаториясида бўлиб, бу ерда дам олиб, саломатликларини тиклаётган нуроний-кексалар билан суҳбатлашди. Яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ошхона, дам олиш, маънавият, жисмоний тарбия машғулотлари ўтказиладиган хоналарни кўздан кечирди.

         

               Энг муҳими, санатория маънавият хонасини бадиий адабиётлар билан бойитиш учун ҳар бир раҳбар имкон қадар ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини таъкидлаб, бу ташаббусни биринчилардан бўлиб ўзи бошлашини маълум қилди. Шунингдек, санаторияда дам олувчи нуронийлар учун "ISUZI" автобуси олиб беришлигини таъкидлаганида қалблар қувончга тўлди. Санаторияга автобус олиб берилса, кекса нуронийлар вилоятнинг тарихий обидалари билан янада яқинроқ танишиш бахтига муяссар бўладилар. Бу эса "Кексалар ҳафталиги" доирасида вилоят раҳбарининг фахрийларга совғаси бўлади. -Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бошланган "Кексалар ҳафталиги" доирасида вилоятнинг барча маҳаллаларида, илм масканларида катта ҳаётий тажрибага эга бўлган нуронийларнинг ёшлар билан учрашувларини ўтказиш, қадимий обидалар билан танишувларини ташккиллаштириш режелаштирилган,-дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари, "Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши" раиси Қурбон Сариқов.

              -Бугунги кунда вилоятда 246 минг нафардан ортиқ нафақа ёшидаги меҳнат фахрийлари бўлиб, уларнинг 119 нафарини 100 ёшдан ошган кексалар ташкил этади. Тадбир иштирокчилари ўртасида шахмат-шашка мусобақалари, спорт беллашувлари ўтказилди. Шоир Турди Ҳайдар кексаларни мадҳ этувчи шеърларидан ўқиди. Шундан сўнг нуронийлар бир пиёла чой устида суҳбатни давом эттирдилар. Вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Январ Иноятов барчани бошланган ҳафталик билан табриклаб, ишларида муваффақиятлар тилади. -"Кексалар ҳафталиги" доирасидаги тадбир барчамизни дийдорлаштирди,-дейди меҳнат фахрийси Абдурахмон Ашуров. -2009 йилда нафақага чиққан бўлсамда меҳнат фаолиятимни давом эттиряпман. Биз нуронийларга яратиб берилган шарт-шаротилар учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз. Тадбир асносида кўпдан буён учратмаган дўстларим билан кўришдим. Нуроний-кексалар санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар. Ҳафталик доирасида меҳнат фахрийлари ўқув муассасалари, маҳаллаларда бўладилар. Ёшлар билан учрашиб, ўз тажрибалари, ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қиладилар. "Дийдор ширин" тадбирида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бошқарма бошлиғи Бегмат Очилов иштирок этиб, ҳафталик иштирокчиларига омад тилади. тадбирдан лавҳалар. Муаллиф олган суратлар.

Материал тайёрланди: 
ШАВКАТ СУЛТОНОВ.