3 август 2021, сешанба

Кириш

ЁШЛАР БАНДЛИГИ- БОШ МАСАЛA

                    

       Буюк Соҳибқирон Амир Темур юрти бўлган Шаҳрисабзда бўлаётган янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари ҳар қандай кишини қувонтиради. Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда хайрли ишлар қилинмоқда.

   Қашқадарё вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Шаҳрисабз шаҳрида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Анжуман доирасида 1-сонли касб-ҳунар мактаби қошидаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш моно маркази билан танишдилар. Касб-ҳунар мактаби директори Арслон Узоқовнинг таъкидлашича, умумий майдони 3,5 гектарни ташкил этган мактабда бугунги кунда 14 та йўналиш бўйича ёшлар касб-ҳунарга ўқитиляпти. Мактабда ҳар бир касбни мукаммал ўрганиш учун тўлиқ шарт-шароитлар яратилган.  400 ўринли ётоқхона, 220 ўринли ошхона ёшлар ихтиёрида.Анжуман иштирокчилари ёшларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

      Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра,  шаҳарда бугунги кунда 140 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 17 минг 348 нафарини ёшлар ташкил этади. 8244 нафари хотин-қизлардан иборат. 1179 нафари "Ёшлар дафтари"га киритилган. 315 нафар ёшлар ўзини-ўзи бандлигини таъминлаган. Кредит маблағлари ажратиш, бизнес лойиҳаларини  молиялаштириш  бўйича ишчи гурух аъзолари босқичма-босқич иш олиб боришмоқда. 97 нафар ёшлар қисқа муддатли ўқув курсларни тамомлаб, махсус сертификатлар олдилар. 111 нафар ёшларга кичик саноат зонасидан 1,9 гектар ер майдони ажратилиб, янги иш ўринлари яратилди. Инвестиция лойиҳалари ҳисобидан 1456 нафар янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

  -Қамаши туманидаги "Қизилтепа" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиламан,-дейди Достонбек Бойтўраев.-Вақтни бекор ўтказмаслик учун туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази вакилларининг таклифи билан бу ерга касб-ҳунар ўрганиш учун келдим. Биз ёшларнинг ҳунар эгаллашимиз учун барча шарт-шароитлар яратилганлигидан  хурсандмиз.

  Шундан сўнг иштирокчилар KOIКA ўқув марказида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Илгари "Ҳужум" бадиий буюмлар фабрикаси бўлган бино қайтадан таъмирланиб, 2018 йилнинг июнида ўз фаолиятини бошлаган мазкур ўқув маркази Жанубий Корея Республикасининг 8,5 миллион долларлик Гранти маблағи ҳисобига бунёд этилди. 480 ўринга мўлжалланган марказда 5 та йўналиш бўйича ёшлар касбга ўқитилмоқда. Ўқув маркази раҳбари Фазлиддин Ражабовнинг таъкидлашича, 15 нафар ўқитувчилар малака ошириш учун Корея Республикасида таҳсил олиб қайтдилар.

  Шуниси эътиборлики, марказда  "Шаҳрисабз ёш журналистлар" мактаби ҳам фаолият олиб боряпти. Ҳудудлардан келаётган ёшлар журналистика сирларини ўрганмоқдалар. Китоб туманидаги 90-умумий ўрта таълим мактабининг 9 синф ўқувчиси Маржона Тошпўлатова Дейшқон қишлоғида яшайди. У болалигидан журналистикага ҳавас қўйди. Айниқса ОАВ вакилларининг ташрифи ҳақидаги телекўрсатув жараёнини ёрқин мисолларда талқин қилганлиги иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Демак, яна бир ёш келажак орзуларини рўёбга чиқариш мақсадида яратилган имкониятдан фойдаланяпти.

   -Ҳунар-зар,-дейди доноларимиз. Шаҳрисабзни ҳеч иккиланмай ҳунармандлар шаҳри десак муболаға бўлмайди. Ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида бўш турган "Чорсу" деҳқон бозорида "Ҳунармандчилик маркази" ташкил этилиб, бугунги кунда  ҳунармандлар қўлида сайқал топган маҳсулотлар шу ерда ўз харидорини топмоқда. 300 нафардан ортиқ ҳунарманадлар касаначилик асосида уйларида фаолият кўрсатишяпти. Маҳсулотлари эса бозорбоплиги учун тезда сотилмоқда. Хусусан,  ҳорижий меҳмонларнинг  ҳунармандчилик маҳсулотларига талаби ошганлиги ҳисобга олиниб, туристлар учун унча катта бўлмаган ҳунармандчилик маҳсулотларини совға сифатида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Қувонарлиси шуки, ҳунармандларнинг 50 фоизини ёшлар ташкил этади.

  Туризмни ривожлантириш учун Шаҳрисабзда уй меҳмонхоналари фаолият кўрсатяпти. Шулардан бири Рашид Ҳайдаровнинг ўй-меҳмонхонаси анжуман иштирокчилари эътиборини тортди. Миллий руҳда жиҳозланган уй-меҳмонхонада барча қулайликлар яратилган.   

   -Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳар қандай кишини қувонтирмоқда,-дейди Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Махмуд Шердонаев. -Юртимиз Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб қаршилар учун катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бўлаётган ўзгаришларни, ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги хайрли ишларни халқимизга етказишда оммавий ахборот воситалари вакиллари хизматини алоҳида қайд этиш лозим. Улар доимо халқ ичида бўлиб, ислоҳотлар самарасини оммага етказаётган катта куч.

   Хулоса қилиб айтганда Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган бир кунлик медиа-тур иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан аниқ жавоб олдилар. Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акрам Сулаймонов, шаҳар прокурори Баҳром Бекбўтаев, Ички ишлар бўлими бошлиғи Шуҳрат Чориев, шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Махмуд Шердонаевлар ОАВ вакилларига ҳамроҳлик қилдилар ҳамда амалга оширилаётган ижобий ишларни кўздан кечирдилар.