3 август 2021, сешанба

Кириш

ОМОН БОБОНИНГ ДУОСИ

                         

    Шаҳрисабз шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида бўлганимда марказ ходимларининг қизғин суҳбати устидан чиқдим.

   -Бу гал "Файзобод" маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси  Омон ота Бобоев хонадонига борамиз,-деди марказ  ходимларидан бири Абдуқаҳҳор Темиров.

    -Гапингизга қўшиламан. "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан "Уч авлод учрашуви"ни ўтказишдан аввал отахон билан маслаҳатлашиб олсак яхши бўларди,-суҳбатга қўшилди жамоат ишларини ташкил қилиш шўъба мудири Сарвар Файзуллаев.

  -Бўладиган гапни айтдингиз-да,- деди марказ директори Обиджон Примов.-Журналист Шавкат аканинг келганликлари ҳам айни муддао бўлди...

     Биргаликда "Файзобод" маҳалласи томон йўл олдик. "Истиқлол" кўчаси 147-уй олдида тўхтаган автомашинадан тушар эканмиз, паст бўйли, истараси иссиқ, хушчақчақ отахон бизни қарши олиб, ичкарига бошлади.

     Ҳовлига разм соламиз. Ҳамма жой чиннидек топ-тоза. Гўзаллик бахш этиб турган баҳорий гуллар мўъжазгина ҳовлига кўрк бериб турибди.

    -Қани ичкарига марҳамат!-деди отахон қувончини яшира олмай.-Бир пиёла чой устидаги дилдан суҳбат яна ҳам завқли бўлади.

    -Чойни кейинги сафар ичамиз. Мана шу жойда суҳбат қилсак,-дедим қалин сояси тушиб турган дарахт остини кўрсатиб. Ҳамма рози бўлди.

      -Бизлар етти фарзандмиз,-суҳбатга қўшилди бобонинг кенжа фарзанди Малоҳат Бобоева.-Дадам барча обрў-эътиборни хўжаликда ишлаб топганлар. Бировнинг ҳаққига ҳиёнат қилмай, барчамизни ҳалол еб-ичириб, меҳнат қилишга ўргатдилар. Рахматли онам Ҳидоятбону доно аёл бўлиб, дадам билан жуда ҳам бахтли эдилар. Биз бундан қувонардик. Айни кексалик гаштини сураётган бир пайтларида 2013 йилда онамнинг вафотлари барчамизга ҳаётнинг кутилмаган зарбаси бўлди. Бундан айниқса дадам  қанчалик изтироб чекканликлари соғликларига ҳам таъсир этмай қолмади. Уларни ёлғизлатиб қўймадик. Бир гал Ҳимоят, Сабоҳат, Ҳимматой, Ҳурматой опамлар келиб ҳол сўрашса, яна бир гал Нўъмонжон, Набижон  акаларим келиб қанот бўлишди. Маҳаллага биркитилган патронаж ҳамширалари келиб соғликларини назорат қилиб туришади. Зарур дори-дармонлар билан таъминлаб, муолажа қилишади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган дадамга давлатимиз томонидан кўпгина имтиёзлар берилганлигидан хурсандмиз. Ишсизлигимни эътиборга олиб Шаҳрисабз шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашаш маркази ходимлари кўмаги билан ишли бўлдим. Дадамнинг парваришларига алоҳида эътибор қаратаяпман. Бунинг учун ташкилотчиларга рахмат...

  Омон Бобоев урушдан қайтгач, ишни яна хўжаликда давом эттирди. Пахта, ғалла, полиз-сабзавот маҳсулотлари етиштиришда фаол қатнашди. Пенсияга чиққач, дастурхон тўкинлигини таъминлаш учун томорқасида баҳолу-қудрат ишлаб, тажрибаларини фарзандларига ҳам ўргатди.

   1925 йилнинг 1 июнида туғилган Омон бобо Бобоев шу йилнинг ёзида 96 ёшни қаршилайдилар. Давлатимиз ғамхўрлигидан миннатдор эканликларини таъкидлайди. Ўзбекистон Республикаси Президенининг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори суронли жангларда қатнашган Омон бобо Бобоев сингари собиқ жангчиларимизга кўрсатилган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Қарорда таъкидланганидек, "Хотира бор экан-миллат барҳаёт", "Эътибор ва ғамхўрлик-инсоний бурч". Ана шу шиорлар остида ташкил этилаётган "Уч авлод учрашув"лари ҳам албатта ёшларга ибрат бўлиши шубҳасиз.

   Қисқа ва самимий суҳбатдан диллари қувончга тўлган Омон ота Бобоев билан хайрлашар эканмиз, қўлларини дуога очиб юртимизга тинчлик ва хотиржамлик, барчага тани сиҳатлик, Юртбошимизга узоқ умр тиладилар. Зеро, оталар дуоси элни асрайди.

                                                                 Шавкат СУЛТОНОВ тайёрлади.

                           

                Суратларда: Омон бобо Бобоев.

                                                                        Муаллиф олган суратлар.