24 октябрь 2021, якшанба

Кириш

Шукроналик - энг эзгу қадрият

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласида бўлди. Сўнгги йилларда бу ерда янги уйлар, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, болалар ўйингоҳлари барпо қилинди. Ҳовлиларда яшовчилар ердан унумли фойдаланиб, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланади. Давлатимиз раҳбари шу ерлик Сайдулла Мирзаев хонадонига кириб, оиланинг яшаш шароитлари билан танишди.

Оила бошлиғи узоқ йиллар чўпонлик қилган. Турмуш ўртоғи Ҳосият ая билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Хонадон обод. Томорқадаги иссиқхонада лимон кўчатлари экилган. - Сурхондарё - Худо берган замин. Бу ерда қишлоқ хўжалигидан бир йилда уч марта ҳосил олиш мумкин. Шундан фойдаланиб, ривожланган давлатлардан технология олиб келиб, маҳсулотларга бозор топишимиз керак. Бу ҳам қўшимча даромад, янги иш ўринлари бўлади, - деди Президент.

Сайдулла ота бугунги кунда ўғли тадбиркор, келини шифокор бўлиб ишлаётгани, неваралари яхши таълим олаётгани, турмушига шукр қилишини айтди. - Шукроналик - энг эзгу қадрият, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ҳозир яшаш учун ҳам, ўқиш, ишлаш учун ҳам ҳамма шароит бор. Энг аввало, юртимизда тинчлик-осойишталик бўлиши керак. Давлатимиз раҳбари Термиз шаҳрининг Мангузар маҳалласида қурилган замонавий кўп қаватли уйларни ҳам кўздан кечирди. Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

Давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

Материал тайёрланди: 
Ҳамид Сулаймон