3 август 2021, сешанба

Кириш

Хотира уйғонса-гўзалдир

            ТОЛИМАРЖОННИНГ ПАРЧАКЕНТЛИК ФАРЗАНДИ

                                               1.Танишув

   ...Нишон туман газетасида ишлаб юрган пайтим эди, ўшанда. Қарши Бош Каналидан фойдаланиш Бошқармасига хизмат кўрсатадиган 97-махсус механизациялашган кўчма жамлама ходимларининг фаолияти ҳақида мақола тайёрлаш мақсадида Толимаржон шаҳридаги ушбу корхонада бўлдим.

    -Келинг марҳамат,-деди ўтиришга жой кўрсатаркан котиба. Ўзимни таништирдим.  -Бошлиққа таҳририятдан келганлигимни айтинг.

    Каттагина хона тўридаги стулда ўтирган раҳбар билан кўришарканман, чеҳрасида самимийлик борлигини пайқадим.

   -Ассалому алайкум, мен...

   -Сизни яхши танийман, таништиришингизга ҳожат йўқ,-деди паст бўйли, истараси иссиқ тўлачадан келган раҳбар билан саломлашар эканман.

   -Танишганимдан хурсандман,-дедим.

   -Айни вақтида келдингиз,-деди Тоир Ибрагимович пахта гулли пиёлага чой қуйиб узатаркан.-Бугун корхона маъмурияти ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда туш пайтидан фойдаланиб 8 март-Халқаро хотин-қизлар кунига атаб тадбир ташкиллаштирганмиз. Ўзингиз иштирок этсанги, яхшигина мақола чиқади. Қани юринг, байрамни биргаликда нишонлаймиз...

     Тоир Рахматиллаев мени корхона жамоаси тўпланган байрам дастурхонига таклиф этди. Турли миллат вакилларидан иборат аҳил жамоа дастурхон атрофида жамул-жам. Уларга мени таништираркан, туман газетасида корхона ҳаёти ҳақида мақола тайёрламоқчи эканлигимни билдирди. Тўпланганларни дастлаб ўзи табриклаб, корхона хотин-қизларига аталган совғаларини улашди.

   -Сизлар энг бахтли кишиларсиз,-дедим жамоага қарата сўз берилганидан фойдаланиб. -Тоир Ибрагимовичнинг ажойиб хислатлари ҳақида илгари ҳам эшитган бўлсамда, бугун биринчи марта учрашдим. Шундай олижаноб раҳбар билан ишлашнинг ўзи катта бир бахт. Ижодий жамоамиз номидан Сизни Тоир Ибрагимович, Сиз орқали аҳил жамоангизни байрам билан чин қалбимдан табриклайман. Сиздек олижаноб раҳбар билан танишганимдан хурсандман.

   Шу куни корхонада ташкиллаштирилган байрамдан барча хурсанд бўлганлигини уларнинг порлаб турган юз-кўзларидан билиб олиш қийин бўлмади. Шунинг учун бўлса керак корхона жамоаси Тоир Рахматиллаевни ишбилармон, жамоасига меҳрибон, ширин сўзли раҳбар сифатида доимо тилдан қўймай келди.

    -Тоир ака ҳақида жуда кўп самимий ва илиқ гапларни айтиш мумкин,-дейди корхонанинг собиқ ишчиси Анзират ая Рахимова.-Кўп йил бирга ишладик. Раҳбар сифатида ҳар бир ходимнинг ҳурматини жойига қўярдилар. У кишининг одамийлик хислатларини барча қадрлайди. Оллоҳ ётган жойларини жаннатдан қилсин. Умрларини фарзандларига берсин.

    1990 йилнинг айни баҳор палласида Тоир Ибрагимович билан илк  танишувимиз ана шундай кечган эди.

 

                                    2. Парчакентда бир кун

 

    ...Эрта тонгда Китоб туманига қараб йўлга чиқиб, йўл-йўлакай Тоир Рахматиллаев туғилган юрт-"Парчакент" маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Райим Турдиевга қўнғироқ қилиб, Тоир ака ҳақида хотира ёзиш учун бораётганимни билдирдим.

    -Бемалол келаверинг, кутиб оламан,-деди телефон гўшагидан маҳалла раиси.

     Чамаси орадан бир соатдан кўпроқ вақт ўтиб Китоб шаҳар марказига етгач,  машинадан тушишим билан рўпарамда турган маҳалла раиси Райим ака билан саломлашдим.   

    -Жуда хайрли ишга қўл урибсиз,-деди  маҳалла раиси.-Меҳмон, "Бештерак"да бир тўхтаб ўтамиз, Тоир аканинг дўстларидан бири "наҳор ош"ига айтган.

     Рози бўлдим.

   -Тоир ака яхши ниятлар билан шу ҳовлини қурган эди,-деди "Малика" тўйхонаси рўпарасидаги бежиримгина ҳовлига ишора қилиб.-Пенсияга чиқиб қишлоқдаги мана шу ҳовлида яшамоқчи эди...

    Кенг саҳнли ҳовлига кирар эканмиз, тартиб билан қурилган уйларда Тоир аканинг нигоҳи тушганлигини ҳис қилдик.

 

                       3.Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин

 

    Кейинги манзилимиз қишлоқ мактаби бўлди. Тоир Рахматиллаевга сабоқ берган устози  Абдижалол Қурбонов домла билан танишиб, суҳбатини олдик.

   -Тоиржон ўзининг хулқ-атвори, ҳатти-ҳаракати, аъло баҳоларда ўқиши билан бошқалардан ажралиб турарди. "Парчакент"даги 16- ва 17-мактабларни таъмирлашда кўп ёрдами теккан. Ўзи ўқиган мактабига бадиий китоблар совға қилган. Аълочи ўқувчиларга стипендия берган. Ҳар сафар қишлоққа келганида кам таъминланган оилалардан хабар олиб, кўмагини аямасди. Парчакент ва Сарой  қишлоқларини газлаштирилишида унинг катта ҳиссаси бор. Масжид қурилишига ҳам моддий кўмак берганини халқимиз сира унутмайди. Айниқса, қишлоқларни ободонлаштиришда ташаббус кўрсатганлиги кўпчиликнинг ёдида. Бундай халқпарвар инсонни унутиб бўладими? Охирати обод бўлсин!

   Қишлоқ оқсоқоллари ҳамроҳлигида Парчакент қишлоғидаги укаси Саид Рахматиллаев яшаётган хонадонда бўлганимизда бу ердаги табиат гўзаллигига боқиб рости ҳавасимиз ортди. Шундоққина Қашқадарё дарёсининг  қирғоғидаги ҳовли жаннатнинг ўзи. Тартиб билан экилган дарахтлар, турфа анвойи гуллар, боғдаги сабзавот экинлари киши ҳавасини янада оширади.

   -Акамнинг ёшликлари  шу ҳовлида ўтган,-дейди Саид ака.-Ҳар баҳорда қишлоққа келган акам ток, терак, турли гул қаламчаларини қадаб, парваришини менга топширардилар. Меҳр билан парваришлардим. Мана ҳозир кўриб турганингиздек мирзатераклар осмонни бўйламоқда. Акамдан доимо яхши хислатларни ўрганганман. Инсондан қоладигани ҳам шу-да...

   Тарихий хотирасиз-келажак йўқ. Маҳалла раиси Райим Турдиев, Абдижалил домла билан Саид аканикида Тоир Рахматиллаев ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи турли йилларда олинган фото суратлари билан танишиш асносида унинг нақадар хушчақчақ, дўстга меҳрибонлигини англагандек бўлдим. Ёстиқдоши Холчучук ая билан бўлган никоҳ тўйи оқшоми, талабалик йиллари, Толимаржондаги илк кунлари тарихга муҳрланган эди.

   Яхши ният инсонга йўлдош бўлади, -дейишади. Кеннойиси Норхол ая Рахимова ҳам Тоир ака ҳақида илиқ фикрларни айтди. -Акамуллом тиллодан ҳам зиёд эдилар. Ҳар гал келсалар уйимиз тўлиб қоларди. Яхши ҳислатлари набираларимизга ҳам ўтган. Ҳовлидаги дарахтларга боқсам акамни кўргандек бўламан. Ўз қўллари билан эккан дарахтлари бугун бўй кўрсатиб қолди. Айтишади-ку "Яхшидан боғ қолади" деб...

    "Парчакент"дан қайтаётганимизда Бештерак қишлоғига киришдаги Қашқадарё кўприги олдида бир дам тўхтадик. Қашқадарё дарёси сувидан Туюл ариғи орқали қишлоқ аҳолиси томорқаларидаги экинлар суғорилади. Бироқ,  бугунги кунда дарё ўзанидан кўп миқдорда қум, шағал қазиб олиниши туфайли табиий сел ва тошқинлар оқибатида дарё ўзани тобора кенгайиб, чуқурлашиб бормоқда экан. Шу сабабли сувнинг йўналиши ўзгариб, қишлоққа оқадиган ариққа сув чиқмай, экинларнинг қуриб қолиш хавфи борлигидан қишлоқ оқсоқоллари бу ҳақда масъулларга бир неча марта қилган мурожаатлари натижасиз қолаётганлигини куюнчаклик билан таъкидлашди. Бундан ташқари қишлоқни туман маркази билан боғлайдиган кўприк сел келиши натижасида таъмирталаб бўлиб қолганлиги маълум бўлди.  Парчакент ва Сарой қишлоқлари болалари учун мактабгача таълим муассасаси ҳанузгача муаммо бўлиб қолаётганлиги ҳақидаги мурожаат ҳам масъуллар томонидан атрофлича ўрганилмаётганлигини очиқчасига айтишди. "Парчакент"даги бир кунлик сафаримиз асносида ютуқлар билан бирга юзага келаётган камчиликлар ҳам ошкор бўлди.

   -Юқоридаги муаммоларни бартараф этилишида Тоир Рахматиллаев имкон қадар ёрдам беришларини айтгандилар. Афсуски, оғир дард яхши дўст, камтарин инсонни бевақт орамиздан олиб кетди,-дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси  .Ўйлаймизки, Тоир Ибрагимович бошлаган хайрли ишларни туман мутасаддилари ниҳоясига етказиб, халқнинг ишончини оқлайдилар.

 

                                            4.Таржимаи ҳол

 

   1955 йилнинг 12 январида Парчакент қишлоғида туғилган Тоир Рахматиллаев  1978 йилда Андижон пахтачилик институтининг муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича  тугаллаб, иш фаолиятини "Қаршиқурилиш" бошқармаси 6-монтаж участкаси қурилиш устаси бўлиб бошлади. Иш юритувчи, бош муҳандис вазифаларида ишлади. 1986-1989 йилларда "Гидроқурилиш" трести 7-монтаж участкаси бош муҳандиси,  "Шўртан" насос станцияси бошлиғи,  ишлаб чиқариш техника бўлими бошлиғи вазифаларида фаолият юритди.

    Кейинги иш фаолияти 97-махсус механизациялашган кўчма жамламада қурилиш-таъмирлаш бўлими  катта иш юритувчиси, 1990-2004 йилларда ушбу жамоада раҳбарлик қилди.

   Ўз ҳаётини бевосита қишлоқ хўжалиги билан боғлаган қаҳрамонимиз Қарши Бош Каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи, 1-насос станциясида навбатчи-муҳандис, алоқа ва телемеханика бўлими бошлиғи, Насос станцияларини ишлатиш бўлими бошлиғи ҳамда етакчи мутахссис вазифаларида ишлади. У қаерда ишламасин ўзига ишониб топширилган вазифани сидқидилдан, виждонан бажаришга ҳаракат қилди. Икки муддат халқ депутатлари Нишон туман Кенгаши депутатлигига сайланди. Меҳнати орқасидан эъзоз топди. Халқ назарига тушди. Умрининг охиригача Қарши Бош Каналидан фойдаланиш бошқармасида меҳнат қилиб, бир неча шогирдлар тайёрлади.

   Тоир Рахматиллаев турмуш ўртоғи Холчучук  Оқмирзева билан беш нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Фарзандлари Акрам ички ишлар тизимида, Илҳом Қарши Бош Каналидан фойдаланиш бошқармасида ишласа, Насиба ўқитувчиликни танлади. Феруза эса шифокорлик касбни эъзозлаб келмоқда. Уларнинг ҳаётда ўз ўринарини топишларида оила бошлиғи бўлган Тоир аканинг хизматларини алоҳида эътироф этиш лозим.

 

                                     5. От ўрнини той босар

 

   Халқимизда "От ўрнини той босар" деган ҳикмат бор. Анваржон Рахматиллаев Тоир аканинг тўнғич фарзанди. У отаси сингари гидротехник бўлиш орзусида тинмай ўқиди, изланди ва  2001 йилда Қарши  Муҳандислик Иқтисодиёт  нститутини тугаллаган бўлса, 2003 йилда Тошкент Давлат Техника университетининг Гидроэнергетика мутахассислигини тугаллаб, Қарши Бош Каналидан фойдаланиш бошқармасида турли вазифаларда ишлади.

  -Дадам биринчи устозим бўлганлар,-дейди Анваржон.-Жайхун сувини  132 метр баландликка чиқаришда улкан насос станцияларини бенуқсон ишлатиш кишидан катта маҳорат талаб қилади. Шу сув орқали Қашқадарё воҳаси гуллаб-яшнамоқда. Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олишда оз бўлсада ҳиссам борлигидан фахрланаман. Бунда дадамнинг хизматлари катта.   

 

                                            6. Дил изҳорлари

 

   Муҳиддин Файзуллаев-меҳнат фахрийси: Халқимизда "Сув келтирган-азиз" деган ҳикмат бор. Биз истиқомат қилаётган "Об-ҳаёт" маҳалласининг ободончилигига ҳам катта ҳисса қўшган Тоиржоннинг халқ фаровонлиги йўлидаги ишларини ҳеч қачон унутмаймиз. Унинг меҳнати билан қишлоқлар обод бўлди. Қақроқ ерларга сув чиқарилди. Дастурхонларнинг тўкинлигида миробларнинг хизмати катта. Маҳалламизнинг энг обрўли, камтарин, самимий инсони бўлган Тоир Рахматиллаев жисман орамизда бўлмасада, рухан қалбимизда яшаяпти.   

 

       Ёқуб Мингбоев-шогирди. Тоир Рахматиллаев биринчи устозим бўлганлар. У кишидаги  самимийлик, шогирдларига бўлган меҳрибончиликларини жуда қадрлаймиз. Устознинг ҳали  бажарилиши лозим бўлган ишлари кўп эди. Толимаржон шаҳрини ободонлаштиришда ҳам катта ҳисса қўшган бир инсонни хасталик бевақт орамиздан олиб кетди. Эндиликда биз шогирдлари устознинг изидан бориб, халқ турмуш даражасини яхшилаш ишига ўз ҳиссасимизни қўшаверамиз.

 Қурбонназар Султонов- "Оби-ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғини раиси-Маҳалламизда 2232 нафар аҳоли истиқомат қилиб, 516 та оилага бириккан. Тоир Рахматиллаевлар оиласи маҳалламиздаги энг намунали оилалардан ҳисобланади. Фарзанд ва набиралари тарбиясига алоҳида  аҳамият қаратганлиги, бугунги кунда улар жамиятнинг фаол аъзосига айланган. Абдурашид Шерқулов, Улаш Нурматов, Ғолиб Авлаев сингари дўстлари билан бирга маҳалланинг барча юмушларига кўмаклашарди. "Толимаржон"  жоме масжиди қурилишда фаол иштирок этганлиги халқнинг кечагидек ёдида. 4-мактабни таъмирлашга домий кўмак бериб келган. Бундай бағри кенг инсонларни халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

 

                                                  *   *   *

   Хотира-улуғ, қадр абадий. Ўзбекистон Республикаси Президентиннг 2021 йил 20 апрелдаги ПҚ-5081-сонли "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида жойларда, маҳаллаларда ёшлар билан учрашувлар бўлиб ўда Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган уруш қамоқда. Шундай  учрашув Китоб туманидаги "Парчакент" маҳалласидаги Тоир Рахматиллаев яшаган хонадонда  ўтказилиб,  марҳумлар рухи шод этилди. Тадбирда Тоир Рахматиллаевнинг оила-аъзолари, фарзанд ва набиралари, қишлоқ оқсоқоллари иштирок этиб, қисқа ва мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтган Тоир Ибрагимовичнинг ибратли ишлари  ҳақида сўз юритилди.

 

                                                         Шавкат СУЛТОНОВ тайёрлади.

                       Суратларда: Тоир Рахматиллаев фаолиятидан лавҳалар.

 

 Муаллиф олган суратлар.