3 август 2021, сешанба

Кириш

ХОТИРА УЛУҒ-ҚАДР АБАДИЙ

Барча жойда бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам 9-май -"Хотира ва қадрлаш куни" кенг нишонланди.Эрта тонгдан Қамаши туман ҳокимлиги биноси олдидаги "Мотамсаро она” мажмуаси майдони кишилар билан гавжум бўлди. Бу ерга меҳнат фахрийлари, туман жамоатчилиги вакиллари, ташкилот ва  корхона раҳбарлари гулчамбарлар билан кириб келдилар. Тадбир иштирокчиларига ёшлар томонидан “Шараф ленталари” тақиб қўйилди.

Туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, Афғон уруши иштирокчилари номидан "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

 Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Туман ҳокими Ботир Тоғаев тадбир иштирокчиларини 9-Май "Хотира ва қадрлаш куни" ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан табриклади. Туман мудофаа ишлари бўйича  бўлим бошлиғи ўринбосари Шавкат Пардаев, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошиғи ўринбосари, кексалар ишлари бўйича маслаҳатчиси Нормумин Имомов, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган Жавоҳир Дўстқобилов,  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи  туман Кенгаши раиси Темур Эргашевлар сўзга чиқдилар.

 "Манғит" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 112 ёшли Рўзибой бобо Сатторов, "Улуғбек "маҳалласида яшовчи 100 ёшни қаршилаган Абдусалом ота Ғаппоровлар хонадонида бўлган туман раҳбари Ботир Тоғаев Президентимизнинг бир марталик бериладиган 12 миллион сўм пул мукофотини ҳамда совғаларини  тантанали равишда топширди.

-2259 нафар Қамаши фарзандлари 1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшдилар,-дейди туман ҳокими ўринбосари Бекмурод Ҳайдаров.-Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ инсонларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди. Кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънодаги ажралмас қисмига айланган.

Дарҳақиқат, қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада албатта, файзу барака, фаровонлик ва аҳиллик бўлади.

                                                Шавкат СУЛТОНОВ тайёрлади.

 

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.