3 август 2021, сешанба

Кириш

БАРКАМОЛ АВЛОД  ТАРБИЯСИ — УМУММИЛЛИЙ ВАЗИФА

Глобаллашув шиддат билан кечаётган, коронавирус пандемияси туфайли иқтисодий ва молиявий инқироз давом этаётган, атрофдаги мамлакатларда хавфли можароларнинг давоми кўринмаётган, «ёт ва оммавий маданиятлар экспансия»си бўй кўрсатиб турган бир пайтда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш масаласи умуммиллий ва умумдавлат миқёсидаги вазифа эканлиги яққол намоён бўлмоқда.  

Ватанимиз олдида турган энг эзгу мақсадлар — мамлакатимизнинг буюк келажаги, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз, Янги Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши — барча-барчаси, авваламбор, ёш авлод, яъни ўсиб келаётган  ёшларнинг қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

 Бугун кўз ўнгимизда дунёда содир бўлаётган ҳодисалар ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларидан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу аччиқ ҳақиқатлардан бири шундан иборатки, кучли ва иқтисодий ривожланган давлатлар ўртасида дунёни, улкан табиий ресурсларга бой ўлкаларни ўзаро тақсимлаш «ўйин»лари шиддат билан давом этмоқда. 

Ҳар бир тўнтариш, ҳар бир низо ёки можаро ортида у ёки бу давлатни мутеликка қайтаришга интилиш ётганини мутахассислар бежиз таъкидламаяптилар. Энг ёмони, ёш мустақил давлатларни танлаб олган тараққиёт йўлидан, орзу-мақсадларига эришиш,  янги жамият қуриш йўлидан қайтармоқчи бўлса, аввало, мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшларнинг қалби ва онгининг мўртлигидан фойдаланишга, уларнинг маънавиятини бузиш, муайян халқларнинг табиатига, урф-одатлари ва қадриятларига бегона ғояларни киритиш йўли билан ёш авлодни чалғитиб, ўзининг ғаразли ниятларини амалга ошириш йўлида қурол қилиб олишга уринаётганини сезиш учун катта сиёсатчи бўлиш шарт эмас. 

Ривожланган мамлакатларда ирқчи ва миллатчи ёшлар ҳаракатининг урчиб бораётгани, Шарқ мамлакатлари ёшлари ҳаётига фахш, зўравонлик, номуссизлик, андишасизлик каби ёт қусурларнинг кириб келаётгани эртанги авлод тарбиясига эътиборни ҳар қачонгидан кўра кучайтиришни талаб этади.

Ўзбекистонда шахс эркинлиги, инсон ҳуқуқларининг муҳофазаси ва кафолати, эътиқод, меҳнат қилиш ва касбни эркин танлаш ҳуқуқи, таълим олиш, ижтимоий муҳофаза ва бошқа имкониятлар қонунлар билан кафолатланган. Бугунги қийин ва зиддиятли бир пайтда, мамлакатимиз сарҳадига яқин жойларда урушлар рўй бериб, қон тўкилиб турган бир вазиятда Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланиб, инсон учун энг олий неъмат — тинч яшаш ва осойишта ҳаёт кечириш ҳуқуқи тўла кафолатланган. 

Давлатимиз хавфсизлигини таъминлашнинг асоси — мамлакатимиз ёшларидир. Ёшлар — бизнинг таянчимиз, эртанги кундан умидимиз, савоб ишларимизнинг давомчиларидирлар. Нафақат хавфсизлигимиз, шу билан бирга юрт тинчлиги, ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги ғоясининг амалга ошиши, турмушимизнинг келажакда барқарор бўлиши ҳам ёшларимиз қандай шаклланишига бевосита боғлиқ.

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Яқинда бўлиб ўтган қатор йирик тадбирларда, яъни давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи Форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишларида ҳам ёшлар тарбияси, маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган масалалар ҳали анча. Жумладан, миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етиш, бу борадаги ишларни такомиллаштириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. 

Шу боис Президентимиз Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясига яна бир бор тўхталиб, яратилаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлишига алоҳида эътибор қаратди. 

“Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугун тараққиётнинг «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» деган ҳақиқатини кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият эътироф этмоқда. 

Ҳозир дунёда кўринмас ёв – коронавирус ҳуружига қарши кураш кетаяпти. Шундай бир оғир шароитда, мураккаб ва кескин муаммоларга тўқнаш келаётганимизга қарамасдан, миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилгани, бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланиши кўзда тутилаётганини алоҳида эътибор намунаси дейиш мумкин бўлади.  

Албатта, соғлом, маънавиятли авлод тарбияси осон иш эмас. У ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир сиёсий партия ва ҳаракатдан, бутун жамиятдан жиддий эътибор ва узлуксиз меҳнат талаб қилади. Айниқса, бугунги кунда мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган ҳозирги шароитда бу ниҳоятда долзарб масала. 

Хулоса қиладиган бўлсак, мамлакатимизда маънан етук, руҳан соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилса, фикри тиниқ, эътиқоди соғлом ёшлар сохта оқимларга эргашмаган, пана-пастқамларда писиб ётган ҳар хил чаласавод, жоҳил одамларнинг тузоғига илинмаган бўларди.

Материал тайёрланди: 
Гулбой Алмат