3 август 2021, сешанба

Кириш

АБДУЛҲАКИМ БОБО

                           

      Деҳқонобод туманидаги "Откамар" маҳалла фуқаролар йиғинида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, кўпни кўрган Абдулҳаким бобо Жабборов истиқомат қилади. 17 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган бобонинг ибратли умр йўлини келажак авлодларга ибрат қилиб кўрсатиш мумкин.  

    ...Тўлбой бизни отаси турадиган уй томон бошлади. Бобони безовта қилмаслик учун уйғонишларини кутдик.  Саранжом-сариштали хонага разм соламиз. Бежиримгина жиҳозланган хонада ортиқча буюм йўқ. Стол устида  телевизор. Хонтахтадаги ноз-неъматлар, мева-чевалар бобонинг дидига мос қилиб қўйилган. Бир сўз билан айтганда ёши улуғ инсон учун нимаики керак бўлса, барчаси муҳайё. Орасталикда хонадоннинг келини Зуҳра Қурбонназаровадан  ўтадигани йўқлиги билиниб турибди...

    -Ота, турмайсизми, меҳмонлар сизни йўқлаб келишибди,-деди Тўлбой секингина.

   -Меҳмон! Меҳмондан айланай,-деди отахон бошини секин кўтариб биз томон қараркан. Ҳол-ахволлашдик. Отахон бизга ҳаёт йўллари ҳақида сўзлаб берди.

   -Хўжаликда қўй-қўзиларни боқардим,-дея суҳбатини бошлаган бобо оғир хўрсиниб қўйди. Қўққисдан бошланган уруш барча қатори бизнинг ҳам тинчимизни бузди. 18 ёшимда Ватан ҳимоясига отландим. Дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Белорусия, Польша, Чехословакияни озод қилишдаги жангларда қатнашдим. Берлингача борганман. 1945 йилнинг 9 майи сира эсимдан чиқмайди. Рейстагга Ғалаба байроғини қадаган аскарларимизнинг жасоратлари кечагидек кўз-ўнгимда турибди. Уруш тугагач, яна уч йил хизмат қилиб, 1948 йилнинг 16 мартида уйга қайтганман. Президентимизнинг биз кексаларга кўрсатаётган ғамхўрлигидан бошимиз кўкга етди. Юртимиз тинч. Осмонимиз мусаффо. Деҳқонободга поезд келишини ким ўйлабди дейсиз. Завод қурилди. Йўллар текис ва равон. Юртбошимизнинг доимо иззат-эътиборидамиз. Бизга бундан ортиқ  бахт борми! Ҳаммаларинг менинг ёшимга етинглар!

  Абдулҳаким бобо дуога қўл очди. Отахон билан суҳбатлашиш асносида ҳали бардамлиги, бир кўришда суҳбатдошини таний олиши бобога бўлган эътибор ва парваришнинг аълолигидан деб билдик. Бобонинг пешонасидаги ажинлар унинг ўтган умр йўлини кўрсатиб тургандек, гўё.

   Дарҳақиқат, халқимизда "Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл" деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Маҳаллада 3586 нафар аҳоли истиқомат қилиб, 614 та хўжаликка бириккан. 754 та оила истиқомат қилаётган маҳалланинг энг кекса ва ҳурматли нуронийларидан ҳисобланган Абдулҳаким бобо Жабборов барчани ана шундай алқаб, дуо қилади.  

    Дарвоқе, бутун умрини чорвачиликни ривожлантиришга бағишлаган отахон ҳалол меҳнати орқасидан фарзандларини камолга етказди. Чорванинг туёғидан қаттиқроқ бўлган киши унинг нонини ҳалоллаб ейди. Бу ҳақ гап. Ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг қаҳратони уларга беписанд эди. Чорва туёқ сонини кўпайтириб, аҳоли дастурхонини тўкин қилиш мақсадида астойдил ишлаб, кам бўлмади. 98 ёшни қаршилаган Абдулҳаким бобо Деҳқонобод туманидаги Иккинчи жаҳон урушининг ягона қатнашчиси ҳисобланиб, бобонинг мазмунли ҳаёт йўли барчага намуна бўлади, десак асло адашмаймиз.

  Ўзбекистон Республикаси Президенининг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги  Фармони, ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори Ватан озодлиги учун жангларда қатнашган ота-боболаримизга кўрсатилган яна бир ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Зеро, қарорда таъкидланганидек, "Хотира бор экан-миллат барҳаёт", "Эътибор ва ғамхўрлик-инсоний бурч".

                       Шавкат СУЛТОНОВ тайёрлади.                                                                                                                           

  Суратларда: Абдулҳаким бобо Жабборов ҳаёти ҳақида лавҳалар акс эттирилган.

                                                         Муаллиф олган суратлар.