3 август 2021, сешанба

Кириш

Отабек Сатторий иши. «Деновгазтаъминот» ва «Бойсунтумангазтаъминот» газ идораси ходимлари: «Отабек биздан 200 доллардан сўраган»

Ашур Худойқулов судья, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб бера туриб, ўша куни Денов тумани Шаҳринав маҳалласига газ баллонларини олиб кетаётганида туманнинг Оловиддин участкасида Отабек Сатторий ёнидаги шериги билан уни йўл четига сиқиб тўхтатганини, сўнг сўроққа тутганини маълум қилган. Унинг айтишича, Отабек Сатторий ундан ҳужжатларни сўраган, тарози бор йўқлиги билан қизиққан ва жараённи видеога олган.

Шундан сўнг, Отабек Сатторий Ашур Худойқуловга жараённи видеога олганини айтиб, ундан видеоларни интернетга чиқармаслик учун 200 доллар сўраган ва «соат 20:00 гача фалон жойда бўламан», деб кетган. Ашур Худойқулов ҳодисанинг эртаси куни инсульт олиб касалхонага тушганини ва бир неча кун даволаниб чиққанини маълум қилган.

Савол берувчилардан бири «Сиз мазангиз қочиб касалхонага борганингизда шифокорларга Отабек Сатторий дўқ-пўписа қилгани учун мазангиз қочганингизни айтдингизми?» деб савол берганда Ашур Худойқулов «ҳа» деб жавоб берган. Савол берувчи «Шифокор, бир инсоннинг хатти-ҳаракати туфайли сизни мазангиз қочганини билгач, бу ҳақда ички ишлар ходимларига хабар бердими? Олдингизга ички ишлар ходими келдими?» деб берилган саволга жабрланувчи «Шифокор ички ишлар ходимларига хабар берган-бермаганини билмайман. Олдимга ички ишлар ходими келмади. Мен даволаниб чиққанимдан сўнг, Отабек Сатторийнинг қўлга олинганини эшитиб, ички ишлар идорасига унинг устидан ўзим шикоят қилиб бордим. Мен даволаниш учун анча маблағ сарфлаганман, уни тўлаши керак», деб жавоб берган.

Иккинчи жабрланувчи, «Бойсунтумангазтаъминот» газ идораси ҳайдовчиси Зокиржон Хурсанов ҳам газ тарқатиб юрганида Отабек Сатторий унинг олдига бориб «Нега баллонга газни кам уриб келяпсизлар? Нега қайтим бермаяпсизлар?» деб сўроққа тутганини ва жараённи видеога олганини, сўнг ўша видеони интернетда тарқатмаслик учун 200 АҚШ доллар сўраганини ва телефон рақамини қолдириб кетганини маълум қилган. Унинг айтишича, у ҳолат ҳақида ўзининг бўлим бошлиғига ҳисобот берган ва Отабек Сатторийнинг 200 АҚШ доллари сўраганини айтган. Аммо Отабек Сатторийга телефон қилмаган ва 200 АҚШ долларини олиб бориб бермаган. «Мен Отабек Сатторийга телефон қилмадим, сўраган пулини бермадим, шу сабабли у 3-4 кундан сўнг видеони интернетга қўйиб юборди» деган Зокиржон Хурсанов.

Саволларга жавоб бериш жараёнида Зокиржон Хурсанов 28 январда ижтимоий тармоқларда Отабек Сатторийнинг қўлга олинганини билганидан сўнг бўлим бошлиғи билан маслаҳатлашганини, бошлиғи унга «ариза берсанг бер», деганини айтган. Шундан сўнг, унга бўлим бошлиғи аризани вилоят ИИБга бориб бериш кераклигини айтган ва у бориб Отабек Сатторийнинг 200 доллар сўраганини ёзиб берган. Отабек ҳар икки жабрланувчидан пул сўрамаганини ва улар ёлғон гувоҳлик бераётганини маълум қилган. Суд мажлиси давом этмоқда.