3 август 2021, сешанба

Кириш

Бош прокуратура Тошкент вилоятида номусга тегиш борасидаги ҳолатни назоратга олди

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида 2020 йилнинг сентябрь ойида 14 ёшли қизни ўғирлаш, номусига тегиш каби жиноят содир этилган шахслар жазосиз қолаётгани тўғрисида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, ҳолат юзасидан Ўрта Чирчиқ тумани прокурори томонидан 2020 йил 30 сентябрь куни Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида жиноят ишига жалб қилинган гумондор шахсни айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун асослар етарли эмаслиги, тайинланган экспертизалар хулосалари тайёр бўлмаганлиги сабабли 2020 йил 30 октябрь куни жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки суриштирув ҳаракатлари жиноят-процессуал тартибида ҳаракатдан вақтинча тўхтатилган.

«Мазкур жиноят иши 2021 йил 13 февраль куни қайта тикланиб, тергов ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилишини таъминлаш, айбланувчи, фуқаровий даъвогар ва жабрланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахсларни аниқлаш учун ҳолатга гувоҳ бўлган шахсларни терговга жалб қилиш зарурлиги сабабли жиноят иши тергов органига ўтказилган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Халқ сўзи online»нинг Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновга таяниб ёзишича, мазкур ҳолат қўмита томонидан ўрганиб чиқилган.

Таъкидланишича, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси тергов иши ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилиши ҳамда якунлари бўйича қонуний қарор қабул қилинишини назоратга олган.