3 май 2024, жума

Кириш

ИШОНМАГИН ДЎСТИНГА...

Ассалому алайкум ҳурматли «Haqiqattv uz» портали раҳбарияти! 

Сайтингизни мунтазам кузатиб бораман. Тўғриси, сайтингизда эълон қилинаётган танқидий мақолалар ортида ҳақиқат ётганини ҳис қиламан. Демак, «Haqiqattv uz» портали бошқа сайтлардан фарқли ўлароқ ўз номига муносиб сайтдир! Шунинг учун ёрдам сўраб сизларга мурожаат қилишни лозим топдим. 

Мен 1993-2000 йилларда қишлоғимиздаги 12 минг нафардан зиёд аҳоли, 2 минг нафардан ортиқ оилаларга намунали хизмат кўрсатганман. 2001 йилда ўзим ишлаб турган дўконимни хусусийлаштириб, ижарада турган бинони ва 0,37 сотих ер майдонини Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокимининг 2001 йил 3 майдаги Х-19/5-сонли қарори ва «Нишон» наслчилик-қоракўлчилик ширкати Кенгаши қарорига асосан баланс қиймати 309 минг 425 сўм нархда сотиб олдим. «Кенжабек» хусусий савдо дўконининг Низомини туман ҳокимининг 2001 йил 2 октябрдаги Х-361/10-сонли қарорига асосан давлат рўйхатидан ўтказиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошладим.

Савдо мажмуасининг олдинги ҳолати

Туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлатиб, савдо дўконини замонавий мажмуага айлантирдим. Тадбиркорликни кенгайтириш мақсадида қўшимча бинолар қурдим. Атрофга мевали ва манзарали дарахтлар ўтказиб, гуллар экдим. Кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини бажардим. Ҳудудда оталар чойхонаси, аҳоли учун деҳқон бозори, нон ишлаб чиқарадиган цех бунёд қилдим. Ҳамқишлоқларимдан 8 нафарини иш билан таъминладим. 

2010 йилда  «Ўзбекнефтегаз» Миллий холдинг компанияси таркибидаги «Ўзгеобурғунефтегаз» АЖ қарашли «Нефтегазминерал» МЧЖнинг шўъба корхонасига ишга ўтдим. Янги ишга кетишдан олдин Чироқчилик танишим Иброҳим Мейлиев билан келишиб, савдо мажмуамни вақтинча ишлатиб туриш учун унга ижарага бердим.

Нон цехининг ҳозирги ҳолати.

2017 йилда қишлоққа қайтиб, омонатга қолдирган савдо мажмуамни қайтариб олмоқчи эдим, афсуски, Иброҳим Мейлиевни ҳеч қаердан топа олмадим. Маълум бўлишича, И.Мейлиев фирибгарлик йўли билан савдо мажмуамни талон-тарож қилиб, ҳужжатларни сохталаштириб, ерларни сотиб юборибди.

Алпановнинг савдо мажмуаси ўрнида уй-жой қурилмоқда.

Бу ҳақда зудлик билан туман ҳокимиятига, туман Архитектура бўлимига, Кадастр хизмати бошлиғига хабар бердим. Афсуски, орадан шунча вақт ўтсада қилган мурожаатларим эътиборсиз қолмоқда.

Сизлардан илтимос, юқорида баён қилганларимни жойида атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳақиқатнинг қарор топишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

 

                                                             Кенжабек Алпонов,

                                                             Қашқадарё вилояти Нишон тумани

                                                             «Гулзор» МФЙ

 

Кенжабек Алпоновнинг шикоят хати «Haqiqattv uz» порталининг махсус мухбири Шавкат Султонов томонидан жойида атрофлича ўрганиб чиқилади. Воқеанинг тўлиқ тафсилотлари ҳақида сайтимизнинг кейинги сонларида батафсил маълумотга эга бўласиз. Сайтимизни кузатиб боринг.

 

Материал тайёрланди: 
Шавкат СУЛТОНОВ