24 октябрь 2021, якшанба

Кириш

Ўзбекистон Президенти халқаро етакчи консалтинг компаниялари билан дўстона ҳамкорлик қилиш муҳим эканини таъкидлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган Иқтисодий форум тадбирларида иштирок этаётган «Rothschild&Co» компанияси кузатув кенгаши раисининг ўринбосари барон Эрик де Ротшильд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ушбу нуфузли халқаро консалтинг ва инвестиция компанияси билан мамлакатимиздаги янги иқтисодий ислоҳотлар дастури доирасидаги устувор лойиҳаларни илгари суришда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. «Coca-Cola Uzbekistan» корхонасидаги давлат улушини хорижий инвесторга сотиш бўйича келишувни амалга ошириш жараёнида муваффақиятли ҳамкорлик қилингани мамнуният билан қайд этилди.

                

Бундан ташқари, мамлакатимиз миллий энергетика компанияларини трансформация қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, банк секторини ислоҳ қилиш, виночиликни ривожлантириш масалаларида юқори малакали консультация хизматларини жалб қилиш ҳамда гуманитар алмашинув дастурларини амалга оширишдаги имкониятлар алоҳида қайд этилди. Янги имкониятларни ўрганиш ва истиқболдаги шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун қўшма ишчи гуруҳни шакллантиришга келишиб олинди.