3 август 2021, сешанба

Кириш

БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРМАРКАСИ

Президентимиз ташаббуси билан жойларда аҳолини, айниқса, ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қашқадарё вилояти Китоб тумани прокуратураси ҳамда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида «Бўш иш ўринлари ярмарка»си ташкил этилди. Ярмаркада 45 та ташкилот ва муассасалар вакиллари 252 та бўш иш ўринлари билан қатнашдилар. 

 

Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Қаҳрамон Холиқовнинг таъкидлашича, жорий йилда учинчи марта ўтказилган тадбирда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва  «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни иш билан таъминлашга алоҳида аҳамият берилди. Ярмаркада 173 нафар фуқаро иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мутахассислардан тегишли жавоб олишди. 10 нафар хотин-қизларга ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.

«Мен «Тупчоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиламан. Кўпдан буён муқим бир иш топа олмай юргандим. Ўтказилган меҳнат ярмаркасида қатнашиб, Китоб ип йигирув фабрикасига йўлланма олдим. Бундан хурсандман», – деди Лайло Жалолова.

Ярмаркада «Тегирмонбоши асаллари» деҳқон хўжалиги жамоаси ўзлари етиштирган асаларичилик маҳсулотлари билан иштирок этди. Деҳқон хўжалиги ишчиси Дониёр Аҳмадовнинг таъкидлашича, асаларилар яратувчи бўлишаркан. Оллоҳнинг қудратини қарангки, асаларилар «الله» сўзи шаклида уясида бол тўплаган. Айни пайтда асаларичилик кластирида соҳа ходимлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу ерда ҳам бир неча киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Шунингдек, Қарши туман прокуратураси ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 148 нафар ёшлар иштирок этиб, уларнинг 22 нафари ишга жойлаштирилди. 8 нафар ёшларга эса касб-ҳунарга қайта ўқитиш учун йўлланмалар берилди. 

Материал тайёрланди: 
Шавкат СУЛТОНОВ