24 октябрь 2021, якшанба

Кириш

АРХИВ МАТЕРИАЛЛАРИДАН

ҚАРШИДА МОНО МАРКАЗ ИШГА ТУШДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4804–сонли Қарорига асосан илгари Қарши саноат касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатган бино капитал реконструкция қилиниб, “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилди.
Мономарказда 32 та йўналишда касбга тайёрлаш, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорликни ўргатиш курслари ташкил этилади. Қўшимча равишда мономарказ Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган тикувчилик, аёллар ва эркаклар сартароши, косметолог, ошпаз, қандолатчи, сантехника, электр пайвандловчи, юк кўтарувчи кран оператори касбларига ўқитилади.
таъминланди.
-Мономарказни ташкил этишдан асосий мақсад - "Ёшлар" ва "Аёллар дафтари"дан ўрин олган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишдан иборат,-дейди Марказ директори Зулфизар Саъдуллаева. -Йиллик ўқитиш қуввати 2 790 нафар бўлиб, ҳозирги кунда 843 нафар ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар мономарказда ташкил этилган касбга тайёрлаш ўқув курсларига касб-ҳунар ўрганиш учун мурожаат қилганлар.
Дарҳақиқат, 76 нафар фуқаролар хорижий тиллар, 124 нафари рақамли технологияларни ўргатиш ва 27 нафари тадбиркорлик асосларини ўргатиш курсларига ўқиш истагини билдирганлар.
Мономарказ маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, 2021 йилда иш қидирувчи фуқаролар, ташкиллаштирилган тартибда хорижга меҳнат миграциясига кетмоқчи бўлган фуқаролар, нодавлат ўқув марказлари битирувчилари ва бошқа аҳоли тоифалари учун WorldSkills стандартлари асосида 10 та ишчи касблар бўйича касбий малакани баҳолаш маркази ташкил этилади. Касбий малакани баҳолаш марказида ишчиларга малака разрядини ва мутахассисларга малака тоифасини бериш бўйича ўтказилган имтиҳонларни муваффақиятли топширилганларга диплом ёки сертификат билан бирга Worldskills малака паспорти берилади.
“Ишга марҳамат” мономаркази Россия Халқлар Дўстлиги Университети (РУДН), «Молодые профессионалы (WorldSkills Russia)» Иттифоқи ҳамда бошқа таълим ва касбий малакани баҳолаш муассасалари билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитилишини ташкил этишда ҳамкорлик ўрнатилади. Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония ва Жанубий Корея давлатларидаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда араб, корейс ва япон тилларини ўргатиш курслари ташкил этиш режалаштирилган. "Ишга марҳамат" мономарказида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади.
Қарши шаҳрида "Ишга марҳамат" мономарказининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят Бандлик Бош Бошқармаси бошлиғи Бекзод Каримовлар иштирок этдилар.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Қашқадарё ёшлари билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоб қайтарди. "Ёшлар дафтари"да турган ёшларга тадбиркорликни ривожлантиришлари учун субсидиялар ажратиш тўғрисидаги сертификатлар топширилди.

Материал тайёрланди: 
ШАВКАТ СУЛТОНОВ.