3 август 2021, сешанба

Кириш

Олимлар қаришни тўхтатадиган дорини топишди

Япон олимлари қаришни тўхтатадиган ва организмни ёшартирадиган дорини топишди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

Токио университети тиббиёт илмий-тадқиқот институти профессори Макото Наканисининг сўзларига кўра, беш-ўн йилдан сўнг ушбу доридан фойдаланиш бошланиши мумкин.

Қариш органларда шамоллаш жараёнини пайдо қиладиган ҳужайралар тўпланиши билан боғлиқ. Ана шундай ҳужайралардан бири сенесцент ҳужайралардир. Айнан улар вақт ўтиши билан органларда йиғилиб қолади ва қаришга олиб келади.

"Агар ушбу ҳужайралар олиб ташланса, улар пайдо қиладиган шамоллаш жараёнларини тўхтатиш мумкин бўлади", - деди олим.

Маълум бўлишича, мазкур ҳужайралар яшаши учун глутаминни глутамин кислотасига айлантирувчи GLS1 ферменти керак. Агарда ушбу ферментни тўхтатувчи ингибитордан фойдаланилса, қаришга олиб келувчи ҳужайраларни йўқотиш мумкин.

Олимлар бу тахминни текшириб кўриш учун қари сичқон танасига GLS1 ферменти пайдо қиладиган саратоннинг айрим турларига қарши фойдаланиладиган дорини киритишди. Натижада сичқоннинг буйрак, жигар ва ўпкаси фаолияти яхшиланди, организми эса мустаҳкамланди.