24 октябрь 2021, якшанба

Кириш

ПРЕЗИДЕНТ ТАБРИГИ

II Халқаро бахшичилик фестивали иштирокчилариг

Муҳтарам фестиваль қатнашчилари!

Қадрли дўстлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Барчангизни янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг кундан-кунга чирой очиб бораётган, бағрикенг Қорақалпоғистон диёрида, гўзал Нукус шаҳрида ўтказилаётган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиши билан чин юракдан муборакбод этаман.

Бугунги санъат байрамида қатнашаётган ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, МДҲнинг Ижроия қўмитаси, Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази каби нуфузли ташкилотлардан ташриф буюрган мартабали меҳмонларга, дунёнинг турли давлатларидан келган 260 нафардан зиёд халқ ижодиёти намояндалари, санъат ва маданият арбоблари, оммавий ахборот воситалари ходимларига самимий миннатдорчилик билдираман.

Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Азиз дўстлар!

Халқ оғзаки ижодиётининг энг қадимий турларидан бўлган бахшичилик санъати юксак гуманизм ғояларини, тинчлик ва дўстлик, адолат ва ҳақиқат каби эзгу фазилатларни маҳорат билан тараннум этади. Шу боис ҳам, бахши, оқин ва жировлар азалдан халқ қалбининг куйчилари, турли миллат ва элатларни бирлаштирадиган олижаноб инсонлар сифатида ардоқлаб келинади.

Ушбу ноёб санъатнинг умумбашарий аҳамияти Термиз шаҳрида 2019 йили бўлиб ўтган I Халқаро бахшичилик санъати фестивалида яна бир бор ўз тасдиғини топди, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Мен халқ ижодиётини инсониятнинг болалик қўшиғи, ҳар қайси миллий маданиятнинг ҳаётбахш чашмаси деб биламан. Бу қўшиқларни соф ва безавол ҳолатда сақлаш, ҳамиша мағрур янграшини таъминлаш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир.

Бугун ўз ишини бошлаётган фестивалимиз айни шундай эзгу мақсадларимизнинг амалий ифодаси эканини таъкидламоқчиман.

Кейинги йилларда биз бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва ўргатишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу борада фидойи фольклоршунос олимларимиз бошлаган муҳим ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Мамлакатимизда 2019 йили тузилган Республика бахшичилик санъати маркази ҳамда Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият олиб бормоқда. Ушбу йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида давлат ансамбллари, бошқа ҳудудларда эса вилоят ансамбллари ташкил этилди.

Юртимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида, Нукус шаҳридаги опера ва бахшичилик санъати мактабида миллий фольклор санъати кенг ўргатилмоқда. Шунингдек, яқинда ташкил этилган Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа институти таркибида бахшичилик бўлими очилганини ҳам қайд этиш лозим. Мазкур йўналишда дарс бераётган ўқитувчилар учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида малака ошириш курслари йўлга қўйилди.

“Ўзбек халқ достонлари”, “Ўзбек халқ қўшиқлари” номли дарсликлар, кўп томлик “Қорақалпоқ фольклори” тўплами чоп этилди. Шу билан бирга, 100 томлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси нашр этилмоқда.

Халқ оғзаки ижодиётини кенг тарғиб этиш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш, фольклор асарларининг аудио ва видео вариантларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бу йўналишда олиб борилаётган хайрли ишларни давом эттирган ҳолда, миллий бахшичилик санъатини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда.

Қадрли фестиваль иштирокчилари!

Биз бугунги нуфузли санъат анжуманини кўҳна ва навқирон қорақалпоқ ўлкасида ўтказаётганимиз бежиз эмас, албатта.

Қорақалпоғистон деганда, аввало, мардларга ватан бўлган, меҳнаткаш ва олижаноб эл яшайдиган бетакрор диёр кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бу заминдаги Тупроққалъа, Аёзқалъа, Катта Гулдурсунқалъа, Элликқалъа каби ноёб обидалар қадимий цивилизация ва маданиятнинг тарихий илдизларидан далолат беради. Уларни бир бора кўрган, бепоён кенгликларда бахши ва жировлардан достон ва термалар тинглаган инсон бу диёрга умрбод мафтун бўлиб қолади.

Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Қорақалпоғистон бугунги кунда Ўзбекистоннинг обод ҳудудларидан бирига, замонавий илм-фан, маданият ва туризм масканига, мана энди, халқаро бахшичилик санъати марказига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Санъат ва мусиқани чин дилдан севадиган, ижод аҳлини юксак қадрлайдиган қорақалпоқ эли ушбу анжуманни катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.

Бугунги санъат ва нафосат байрамини баланд савияда ўтказиш учун астойдил меҳнат қилган барча-барча инсонларга, меҳмондўст Қорақалпоқ аҳлига чин юракдан ташаккур билдираман.

Қадрли юртдошлар!

Азиз меҳмонлар!

Сизларнинг иштирокингизда очилаётган ушбу фестиваль дунёдаги нуфузли санъат анжуманлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллайди, деб ишонаман.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференция ишига ҳам муваффақиятлар тилайман.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда қатнашаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотларнинг вакилларига ҳам самимий миннатдорчилик билдираман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, янги ютуқлар ёр бўлсин!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Материал тайёрланди: 
Ҳамид Сулаймон